Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори билан мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2012 йил 1 февралдаги 2-ю ва 7-сон қарори билан тасдиқланган Мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга қуйидаги қўшимчалар киритилди:

а) 2-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилди:

“энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимида фойдаланиладиган рақамлар - Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан белгиланадиган энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасидаги электр энергия, табиий газ ва бошқа коммунал хизматларни ҳисобга олиш асбобларини улашни таъминлаш учун уяли алоқа компаниялари томонидан ажратилган рақамлар.”

б) 4-банд қуйидаги жумла билан тўлдирилди:

"Энергоресурсларни назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимида фойдаланиладиган рақамлар тўлов объекти ҳисобланмайди”.

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.