10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ташкил этилган «Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» номли халқаро конференция биринчи иш кунини якунлаш арафасида турибди. Унда иштирок этаётган Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев «минтақа халқларини битта дин, эътиқод, маданият ва тарих бирлаштириб тургани»ни таъкидлаб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазир қадим ўтмишдан Марказий Осиё ҳудудида ривожланиб келган савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва йўлларга тўхталиб ўтиб, уни замонавий кўринишда қайта тиклашга умид билдирган.

«Ўтган яқин ҳафтада Қирғизистонда демократик тамойилларга мос президентлик сайлови бўлиб ўтди. Эндиликда ҳукумат 2040 йилгача мўлжалланган ҳаракатлар стратегияси кўринишидаги давлат дастурини қабул қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Унда юқори технология ютуқларидан фойдаланган ҳолда электрон ҳукумат лойиҳасини амалиётда жорий қилишни режалаштирганмиз. Ҳар бир кўзлаган мақсадимиз, лойиҳамизнинг марказида инсон омили турибди, унинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва эркинлиги.

Минтақа давлатларининг иқтисодий ривожланиши эса уларнинг ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ экани кўп бор такрорланди. Аммо мамлакатлар орасида чегара назорати, савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга солишда ҳалигача мураккаб масалалар ечилмай қолаётгани рост. Шу билан биргаликда, мамлакатларнинг иқтисодий қудрати тўлиқ намоён бўлмади. Қозоғистон билан Қирғизистон чегарасида назоратни сунъий ошириш товар-айирбошлаш учун яратилган платформани носоғлом ҳолга олиб келмоқда», деб фикр билдирди вазир.

Вазир шу ўринда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараларини демилитация этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳнинг фаолиятига баҳо бериб, бу тарихий натижани қўлга киритиш учун қўйилган қадам, дея эътироф этди.