Араб давлатлари лигаси (АДЛ) Ливаннинг ташкилотдаги аъзолигини тўхтатмоқчи эмас. Бу ҳақда АДЛнинг Россия Федерациясидаги вақтинчалик вакили Малик Мусли «Россия сегодня» халқаро ахборот агентлигининг матбуот-анжуманида маълум қилди.

«Саудия Арабистони Ливаннинг Лигадаги аъзолигини тўхтатишни талаб қилса, мен шуни айтишим мумкинки, бу деярли истисно қилинган. Тегишли механизмлар бор, сабаби Лига – бу қатор давлатлардир, шунинг учун бу мамлакатлар масалани ҳал қиладилар. Ливаннинг аъзолигини тўхтатиш режаси ҳам, бундай истак ҳам йўқ», - дея хабар берди Мусли.

Ливан бош вазири Саад Ҳаририй, 4 ноябрь куни, Ар-Риёдда бўлиб турган пайтида бош вазир лавозимидан истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилди. У «Ҳизбуллоҳ» шиалар ҳаракати ва Эронни Ливан ҳамда араб дунёсида нафрат қўзғашда айблаб, ўзига суиқасд қилишга тайёргарлик кўришаётганини билиб қолгани ҳақида айтди.

«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳ Ҳарирининг истеъфоси сабабларини Саудия Арабистонидан излаш кераклигини маълум қилган бўлса, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Ҳарирининг айбловларини асоссиз деб атади. Насруллоҳ, шунингдек, Ар-Риёд Ҳаририни истеъфога чиқишга мажбур қилгани ва эҳтимол уни Саудия Арабистонида мажбуран ушлаб турган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.