Сўнгги вақтларда турли ноқонуний схемалардан фойдаланиб, ОТМга ўқишга киритиш, ишга жойлашиш ёки армияда муддатли ҳарбий хизматни ўташ бўйича гўёки ёрдам кўрсатиш учун фуқаролардан алдов йўли билан пул талаб қилишга уринаётган жиноятчилар сонининг кўпайиши кузатилмоқда.

Бу, асосан, фуқаролар шундай фирибгарларга ишонаётгани ва уларга ёрдам кўрсатишидан умид қилиб, маблағларини беришлари билан боғлиқ. Лекин, ҳақиқат аччиқ бўлади – жиноятчилар одамларни ҳеч нарсасиз қолдириб, пул билан бирга изсиз ғойиб бўлишади. Бундай фирибгарларга қарши курашиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бир қатор махсус тадбирларни амалга оширмоқда.

Куни кеча Миллий хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан махсус амалиёт ўтказишди, унинг давомида армияга муддатли ҳарбий хизматга жўнатишда ёрдам кўрсатиш учун пул талаб қилган фирибгар қўлга олинди.

"Ховос туманидаги профессионал коллежлардан бирининг информатика ўқитувчиси Ойбек Сидиқов фуқаро “М.Г.”дан 1200 АҚШ долларини олаётган пайтида жиноят устида ушланди. У бу маблағ эвазига гўёки ўзининг танишлари ёрдамида фуқаронинг ўғлини муддатли ҳарбий хизматга чақиришда кўмак кўрсатишга ваъда қилган", - дея таъкидлаб ўтди МХХ вакили.

Бундан ташқари, Ховос темир йўл-таъмирлаш корхонаси устаси Элёр Ҳақбердиев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 500 АҚШ долларини олаётган вақтида жиноят устида ушланди. У бу маблағни ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш учун талаб қилган.

Кўрсатилган ҳолатлар бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси томонидан О.Сидиқов ва Э.Ҳақбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилди.