Таниқли сатирик ёзувчи Михаил Задорнов вафот этди. Бу ҳақда у билан ҳамкорлик қилган РЕН ТВ телеканалида хабар берилган. У 69 ёшда эди.

Охирги йилларда у онкологик хасталик билан курашиб келаётганди.

Октябрь ойи охирида бошқа бир сатирик ёзувчи Семен Альтов Задорновнинг соғлиғи жуда ёмон эканини айтганди.

2016 йил кузида Задорнов химиятерапия туфайли ўз чиқишларини бекор қилганди. 

Задорнов ўзи дарди ҳақида гапирмас, ОАВнинг эътиборини тортишни истамасди.

Задорнов 1948 йилда Латвияда туғилган. У сатирик концертлари орқали машҳур бўлганди, унинг чиқишлари федерал каналлар орқали намойиш этилган. 

Ўтмишда ушбу сатирик «Аншлаг», «Смехопанорама» ва «Сатирический прогноз» каби юмористик кўрсатувларни олиб борган.