Алкоголь нафақат мавжуд асаб ҳужайраларини ўлдиради, балки янгилари пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Бу ҳақда Stem Cell Reports журналида эълон қилинган мақолада сўз юритилади

Техас университети мутахассислари илғор усулдан фойдаланган ҳолда мия тўқималарини белгилашнинг уддасидан чиқишди. Шундан сўнг, алкоголли ичимликнинг уларга узоқ муддатда қандай таъсир қилишини ўрганишди. 

Олимларнинг аниқлашича, спиртли ичимлик истеъмоли миянинг турли қисмига ҳар хил таъсир қилади. Бунда энг кўп зарар бош миянинг субвентрикуляр ҳудудига етказилган. У инсоннинг катта ёшли ҳаётида барча янги нейронлар манбаи ҳисобланади. 

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, олинган маълумотлар сурункали алкоголизмни даволашда ёрдам бериши мумкин. Олимларга кўра, спиртли ичимликларга муккасидан кетишни даволашда нафақат алкогол таъсирига тушмаган нейронларни асраш, балки ҳужайралар фаоллигига туртки бериш ҳам талаб этилади.