10 ноябрь куни Осиё тараққиёт банки вице-президенти Венцай Жанг Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан учрашди. Осиё тараққиёт банки веб-сайтига кўра, Жанг ОТБ ҳукуматнинг ривожлантириш дастурини қўллаб-қувватлашини маълум қилди ва мамлакатнинг иқтисодий истиқболларига ишонч билдирди.

Ўзбекистонга ташрифи чоғида Жанг бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, молия вазири ва Ўзбекистон Республикасидан ОТБ Бошқарувчиси Ботир Хўжаев, шунингдек, бошқа юқори лавозимли мулозимлар билан учрашди ҳамда ОТБ амалиётлари ва Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг келажакдаги йўналишларини муҳокама қилди.

«Мен ҳукуматнинг иқтисодиётни либераллаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш борасидаги қатъиятидан жуда мамнунман», - деди Жанг. «ОТБ Ўзбекистон тарихидаги ушбу муҳим босқичда Ўзбекистон халқининг фаровонлигини таъминлаш учун ҳукумат ва бошқа манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга умид қилади».

Жангнинг таъкидлашича, ОТБ яқинда Ўзбекистон учун 2018-2020 йилларга мамлакатда амалиётлар бўйича бизнес-режани тасдиқлади. У ҳукуматнинг стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янгиланган устувор жиҳатларини акс эттиради. ОТБ кредитлаш соҳаси, энергетика, транспорт ва шаҳар ривожланиши секторларида инфратузилма тараққиётини кучайтириш учун салоҳиятни ривожлантириш ҳамда билимларни кенгайтириш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш, шунингдек, кичик ва ўрта корхоналар ҳамда агробизнесни молиялаштиришга кенгроқ имконият яратиш бўйича ёрдам беришга тайёр. Бизнес-режа 2018-2020 йилларга мўлжалланган, 2,9 млрд. АҚШ долларилик инвестиция лойиҳалари портфелини ўз ичига олади. ОТБ давлат секторига кўмак кўрсатишдан ташқари, хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклигига тўғридан-тўғри сармоялар имкониятини ҳам кўриб чиқади.

Ташриф чоғида Жанг иштирокида «Поп-Наманган-Андижон» темир йўлини электрлаштириш лойиҳаси бўйича 80 млн. АҚШ долларилик заём келишуви имзоланди. Лойиҳа доирасида Фарғона водийсининг асосий шаҳарларини пойтахт билан боғлайдиган электрлаштирилмаган темир йўлларнинг 145,1 километри электрлаштирилади. Бу юк ва йўловчи поездларнинг тўғридан-тўғри ҳамда самарали ҳаракатланишига, шунингдек, Фарғона водийсининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмаклашади.

Жанг ОТБ қўллаб-қувватлови билан амалга оширилаётган лойиҳаларни бориб кўрди, ҳамда Урганч шаҳрида маҳаллий маъмурият вакиллари ва лойиҳалар бенефициарлари билан учрашди. Улар орасида ОТБ ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан тижорат банклари орқали кичик бизнесни ривожлантириш бўйича лойиҳалар доирасида молиялаштирилаётган кичик корхоналар ҳам бўлган. Шунингдек, у Осиё тараққиёт банкининг молиявий ёрдами билан яхшиланган сув таъминоти ва санитария объектларига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкига1995 йилда кирганидан бери умумий миқдори 6,3 миллиард АҚШ долларига тенг 65 та кредит олди. Жумладан, 225 миллион долларлик хусусий секторни ривожлантириш учун иккита кредит, 6 миллион доллар - акциядорлик капиталига инвестициялар кўринишида, 200 миллион доллар - кафолатлар кўринишида ва 65,6 миллион доллар - техник кўмак учун грантлар кўринишида.