Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ва Дональд Трампнинг учрашуви бўйича ҳали келишувга эришилмагани, бу борада музокаралар давом этаётганини билдирди.

«Ҳозирча учрашув бўйича келишувга эришилмади. Ҳозирча аниқ жавоб йўқ», — дея унинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Бундан аввалги хабарларда икки сиёсатчи Вьетнамдаги Осиё-Тинч океани саммити доирасида учрашиши айтилганди.

Вьетнамдаги саммит 10-11 ноябрь кунларида ўтказилмоқда.

Бу учрашув ҳақида дастлаб Дональд Трамп анонс берганди. У россиялик ҳамкасби билан Шимолий Корея масаласида гаплашиб олмоқчилигини айтганди.

Кейинроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам бу учрашув назарда тутилаётгани, томонлар Сурия, Украина ва Шимолий Корея масаласида гаплашиши мумкинлигини билдирди.

Бугун эса Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс АҚШ президентининг тиғиз графиги бу учрашувга вақт қолдирмаслиги ҳақида маълум қилди.