Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида вилоят салоҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Маълумки, Самарқанд вилояти замонавий, яхши ривожланган ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация, ижтимоий инфратузилмаларга эга экани, инсоний ва интеллектуал салоҳияти билан бошқа кўпгина ҳудудларимизга нисбатан устун туради. Яъни, Самарқанддаги имконият ҳамма жойда ҳам мавжуд эмас. Лекин, афсуски, ана шундай улкан салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишда вилоятда оқсоқлик бор. Бу – ҳақиқат ва буни очиқ айтишимиз керак. 

Бошқа ҳудудларга борсангиз, раҳбарлар имконият қидириш билан овора эканини кўрасиз. Бу ерда эса вилоятнинг собиқ биринчи раҳбари Ҳиммат Оқбўтаевда ташаббуснинг йўқлиги ва бефарқлиги туфайли бор имконият ҳам ишга солинмади. Оқибатда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши анча секинлашди. Бу борадаги кўрсаткич шу йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича 5,3 фоизни ташкил этган бўлса, вилоятда 3,4 фоизни ташкил этгани ҳам буни кўрсатиб турибди. 

Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 24 фоиз атрофида бўлиб, бу мамлакатимиздаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Боя мен бу ердаги катта имкониятлар ҳақида бекорга гапирганим йўқ. Шунинг учун бундай рақам билан кифояланиб юриш Самарқанд вилоятига мутлақо ярашмайди. 

Вилоятда саноатнинг энг ривожланган тармоғи – истеъмол товарлари ишлаб чиқариш соҳаси ҳам бир жойда тўхтаб, депсиниб турганини, мана, шу соҳанинг раҳбарлари ўтирибди бу ерда, улар буни қандай изоҳлайди? Сизлар нима учун бу масала билан қизиқмайсизлар? Бу фақат вилоятнинг муаммоси эмас. Ички бозоримизни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт қилиш – бу барчамизнинг ишимиз. 

Халққа энг яқин яна бир соҳа – хизмат кўрсатиш бўйича ҳам ўсиш секинлашгани кузатилмоқда. Экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларини бажариш масаласида ҳам саволлар кўпайиб бормоқда. Шу сабабли ушбу сессия арафасида тегишли вазирликлар, компания ва банклар раҳбарларини Самарқанд вилоятига юбордик. Улар бу ерда ўн кун мобайнида қўшимча резервларни аниқлаб, конкрет инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланди. Бу ишларнинг натижаси сифатида қўшимча инвестиция лойиҳаларини ўз ичига олган янги Дастур лойиҳаси шакллантирилди”, - деган Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, Дастурга мувофиқ 2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида умумий қиймати 4 триллион 200 миллиард сўм бўлган 321 та йирик лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 11 мингта янги иш ўрни яратилади.