Самарқанд вилоятида умумий қиймати 1 триллион 800 миллиард сўмлик 321 та йирик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқидан маълум бўлди. 

"Оддий юртдошларимиз бугун ҳаётдаги ўзгаришлардан рози бўлиб, мамнун бўлиб гапираётгани, ўзлари ҳам ана шу ўзгаришларнинг иштирокчисига айланиб бораётгани – бу бизни қувонтиради. Ҳақиқатан ҳам, халқимиз бугун ҳаракатга келди. Одамларда ишонч пайдо бўлди. Давлат органлари халққа, халқимиз эса ўз олдига қўйган мақсадларга қараб интила бошлади.

Мен қаерга борсам, шу гапни такрорлайман: халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум, барака бўлади. Одамларнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир.
Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий дастурлар ва инвестиция лойиҳалари ҳам айнан ана шу мақсадларга қаратилгани билан эътиборлидир.
Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини оладиган бўлсак, умумий қиймати1 триллион 800 миллиард сўмлик 321 та йирик лойиҳани амалга ошириш бошланди", - деди давлат раҳбари.

Ўтган даврда вилоятда 24 та йирик корхона ишга туширилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида йилига 8 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти йўлга қўйилди. Жомбой туманида 300 гектар ёнғоқзор барпо этилди. Самарқанд туманида 1 миллионта парранда боқиладиган хўжалик ташкил этилди. Йил охирига қадар яна 20 та йирик корхона ишга туширилади.

"Бу корхоналарнинг барчаси ички бозоримиз учун, одамларимиз учун керакли маҳсулотлар чиқариб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Яна бир муҳим томони шундаки, бу лойиҳаларнинг ҳаммаси тадбиркорларнинг ташаббуси билан, уларнинг ўз маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда. Биз уларга молиялаштириш ва рухсат бериш, қулай имконият яратиш бўйича ёрдам бермоқдамиз, холос.

Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман, деб айтган гапларимни бугун ҳам такрорлашдан чарчамайман. Мана, Самарқанднинг ўзида шунча корхоналар очилиб, минг-минглаб иш ўринлари яратилаётган экан, бунинг учун вилоятдаги барча кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига чин юракдан раҳмат айтмоқчиман", - деди Президент.