Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Нарпай ва Пастдарғом туманларида бўш турган ва тўлиқ фойдаланилмай ётган саноат объектлари негизида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилиши мўлжалланган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Шунингдек, унинг айтишича, енгил саноатда умумий қиймати 1 триллион 400 миллиард сўм бўлган 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ва 3 минг 400 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Юқори технологияларга асосланган машинасозлик, электротехника ва фармацевтика каби замонавий соҳаларда умумий қиймати 715 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилади.  

Маҳаллий хомашё асосида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 407 миллиард сўмлик 33 та лойиҳа амалга оширилади ва 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади. 

Шунингдек, келгуси 2 йилда мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 519 миллиард сўмлик 47 та лойиҳа амалга оширилади. 

Чорвачиликни жадал ривожлантириш мақсадида наслли қорамолларни кўпайтириш бўйича эса 47 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа, паррандачилик бўйича 186 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилади. 

Шу билан бирга, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 138 миллион долларлик 43 та янги лойиҳа амалга оширилади ва 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилади. 

Бундан ташқари, юқорида тилга олинган йирик лойиҳалардан ташқари, умумий қиймати 340 миллиард сўмлик 1 минг 700 тага яқин кичик лойиҳалар ҳам амалга оширилади ва 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.