Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса, жойлардаги ҳокимлар ва мансабдорларни огоҳлантирди.

"Яқинда Жаҳон банки томонидан ўтказилган бу йилги бизнес соҳасидаги халқаро рейтинг ҳақида оммавий ахборот воситалари хабар эълон қилди. Ўзбекистон ушбу рейтингда 13 поғона юқори кўтарилиб, 190 та мамлакат орасида 74-ўринни эгаллади. Бу борада жаҳондаги энг илғор 10 та ислоҳотчи давлат қаторидан жой олдик. Бу – жуда катта ютуқ, жуда катта эътироф.

Шу билан бирга, мен куни кеча Жиззахда Шароф Рашидов хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирда бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтдим: биз ҳали катта йўлнинг бошида турибмиз. Эндигина биринчи қадамларни ташлаяпмиз, холос.

Нафақат бизнес, балки бошқа соҳаларда ҳам ҳали олдимизда жуда катта вазифалар турганини, ечилмаган муаммолар ҳам кўплигини очиқ тан олишимиз керак.

Масалан, бизнес соҳасида жорий этилаётган янгиликлар жойларда, жумладан, Самарқанд вилоятида қандай қўлланмоқда, тадбиркорлар берилаётган енгилликларни амалда сезмоқдами ёки йўқми, деган саволларга, афсуски, тўла ижобий жавоб тополмаймиз.

Шу муносабат билан барча бўғиндаги раҳбарлар, айниқса, жойлардаги ҳокимлар ва мансабдорларни огоҳлантириб айтмоқчиман: тадбиркорга мадад бериш ўрнига унинг йўлига тўсиқ қўйиш – бу Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва шунга яраша чора кўрилади", - дея таъкидлади Президент.

"Барчамиз бир ҳақиқатни тушуниб олишимиз шарт: тадбиркорлик ва ишбилармонлик хусусиятлари аввало ёшларга хос фазилат ҳисобланади. Демак, тадбиркорликка йўл очиш – авваламбор ёшларга, келажакка йўл очиш демакдир.

Қайси раҳбар шуни тўғри тушунса, албатта у бошқараётган тармоқда, ҳудудда самара, натижа бўлади. Ким буни тушунмаса, яхшиси, у ўз ўрнини бўшатиб қўйгани маъқул. Чунки нафақат ёшлар, балки замон ҳам энди бундай раҳбарларни қабул қилмайди", - дея таъкидлади давлат раҳбари.