Янги дунёга келган чақалоқларни астмадан ҳимоя қилишда уйда мушук боқиш қўл келиши мумкин. Копенҳаген болалар астмаси тадқиқот маркази (COPSAC) олимлари шундай хулосага келишди. Уларнинг тадқиқоти ҳақида Journal of Allergy and Clinical Immunology журнали ёзмоқда.

Олимлар ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли юқори бўлган гуруҳга киритилган 377 болани текшириб, аниқлашларича, касаллик уйғотувчи ТТ-генотипи мушуклар бор вақтда "фаоллигини йўқотади". Бунда уйда ит боқилиши айни генларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. 

Тадқиқотнинг етакчи мутахассиси Якоб Стокҳольмнинг айтишича, бу мушукларнинг уйга олиб кирадиган замбуруғлар ва бактериялар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо олимлар, ҳозирча, мушуклар инсон генига қандай таъсир қилади?, деган саволга аниқ жавоб топишгани йўқ. "Агар биз ушбу механизмларни изоҳлай олсак, уларни тўсиб қўйишимиз ва касалликдан ҳимоя қилишимиз мумкин бўларди", — деган Стокҳольм.