2017 йил 7 ноябрь куни тунги соат 03:30ларда, Олмазор туманидаги Шифонур ва Қора-қамиш кўчалари кесишган чорраҳада ҳайдовчи – 1968 йилда туғилган эркак киши, ҳушёр ҳолатда “Нексия” русумли автомашинасини бошқариб кетаётиб, маст ҳолатдаги ҳайдовчи – 1991 йилда туғилган эркак киши бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашинаси билан тўқнашув содир этган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди. 

Мазкур тўқнашув натижасида “Нексия” автомашинаси ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси жойида вафот этган. 

Ушбу ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлишига сабаб бўлса) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.