АҚШ президенти Дональд Трамп ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммити доирасида Бизнес-маслаҳат кенгаши аъзолари билан учрашувни ўтказиб юборди. У бу учрашувда Россия президенти Владимир Путин билан рўбару келиши мумкин эди.

Трампнинг ўрнига ушбу учрашувда Қўшма штатлар номидан Роберт Лайтхайзер қатнашган.

Учрашув "Фурама" меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Бу саммит доирасидаги илк маросим эди.

Трамп саммитнинг иккинчи учрашувига ҳам келмади. У Данангдаги меҳмонхоналардан бирида ОТИҲ ва ASEAN (Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари  Ассоциацияси) давлатлари вакиллари учрашувини ҳам ўтказиб юборди.

Вьетнамдаги саммит 10-11 ноябрь кунларида ўтказилмоқда.

Саммит доирасида АҚШ ва Россия президентлари учрашуви кутилаётганди.

Бу учрашув ҳақида дастлаб Дональд Трамп анонс берганди. У россиялик ҳамкасби билан Шимолий Корея масаласида гаплашиб олмоқчилигини айтганди.

Кейинроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам бу учрашув назарда тутилаётгани, томонлар Сурия, Украина ва Шимолий Корея масаласида гаплашиши мумкинлигини билдирди.

Бугун эса Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс АҚШ президентининг тиғиз графиги бу учрашувга вақт қолдирмаслиги ҳақида маълум қилди.