Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳрида кичик саноат зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор чиқарди.

Ҳужжат билан Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилояти Зомин тумани Даштобод шаҳрининг умумий майдонида кичик саноат зонасини ташкил этиш таклифига розилик берилди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда:

бир ой муддатда Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳри ҳудудида жойлашган давлат мулки объектларини тўлиқ хатловдан ўтказади ҳамда хатлов натижаларига кўра кичик саноат зонасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мос бўлган объектларни белгиланган тартибда Жиззах вилояти Зомин тумани ҳокимлигига  берилишини таъминлайди;

Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳри ҳудудида жойлашган бўш турган давлат мулки объектлари ва илгари хусусийлаштирилган ишлаб чиқариш майдонларини доимий хатловдан ўтказиб боради ҳамда хатлов натижаларига кўра янги ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш учун мос бўлган объектлар рўйхатини белгиланган тартибда Жиззах вилоятининг эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашига (Маъмурий кенгаш) киритиб боради.

Белгиланишича:

кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови истисно тариқасида “ноль” ставка миқдорида белгиланади;

кичик саноат зонаси ҳудудидаги давлат кўчмас мулклари тадбиркорлик субъектларига 10 йил муддатга ижарага берилади ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бизнес режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилганда ва белгиланган иш ўринлари яратилиб, сақланган тақдирда кейинчалик ўрнатилган тартибда мулк ҳуқуқи расмийлаштириб берилади.

Кичик саноат зонаси фаолиятини самарали ташкил этиш ва бошқариш учун давлат унитар корхонаси шаклидаги дирекция ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, лойиҳа ташаббускорлари ва тижорат банклари томонидан ишлаб чиқилган Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳрида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинади.

Маъмурий кенгаш:

кичик саноат зонаси ҳудудида амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳалар манзилли рўйхатига зарур ҳолларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

манзилли рўйхат доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг тармоқ жадвалларини лойиҳа ташаббускорлари ва тижорат банклари томонидан бир ой муддатда ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлайди;

кичик саноат зонаси дирекцияси директорини тасдиқлайди, ходимларининг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорини ва манбаларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда белгилайди;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ушбу қарорда назарда тутилган асосий чора-тадбирларнинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек бериладиган солиқ имтиёзлари ва преференциялар тўғрисида кенг тушунтириш ишларини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ билан биргаликда 2018 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тармоқ жадвалларига узвий боғлаган ҳолда кичик саноат зонасининг йўл-транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш учун капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда марказлашган инвестицияларни назарда тутади.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Жиззах вилоят ҳокимлигига кичик саноат зонасида жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларини уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ белгиланган тартибда электр энергияси, табиий газ ва бошқа турдаги коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш учун шахсий масъулият юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Жиззах вилояти Зомин туманининг Даштобод шаҳридаги тадбиркорлик субъектларига банк-молия хизматларини кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг мини банкини очиш ҳамда тижорат банкларига манзилли рўйхатга киритилган лойиҳалар бўйича кредит шартномаларининг ўз вақтида расмийлаштирилиши ва молиялаштириш бошланишини таъминлаш тавсия этилди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Ж.Қўчқоров, Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Салиев ва Зомин тумани ҳокими С.Умрзоқов зиммасига юкланди.