Хитойнинг бундай натижага эришишига сабаб ҳавога ажралаётган зарарли ажратмалар миқдорини тартибга солиш бўйича қатъий қонун талабларини ишга солганидир. Бироқ мамлакатда ҳавонинг ифлосланиш даражаси ҳамон иссиқхона газларининг қўшимча манбалари ҳиссаси кам бўлган Ҳиндистондагига нисбатан ошиқроқ, деб ёзади Science Daily.

Хитой ва Ҳиндистон жаҳонда тошкўмирнинг энг йирик истеъмолчилари саналишади. Уларнинг кўмир ёқиш асосида ишловчи электр станциялари ва корхоналари атмосферага катта миқдорда олтингугурт қўшоксидини чиқаради ва бу қуюқ смог ҳамда кислотали ёмғирларга сабаб бўлади.

Бироқ Хитой 2007 йилдан буён олтингугурт қўшоксидини ажратиб чиқаришни 75 фоизга камайтиришга эришган, дейилади Scientific Reports томонидан эълон қилинган ҳисоботда. Бундай натижага мамлакат ҳукумати қатъий қонунчилик талабларини ишга солиб, керакли меъёрдан ортиқча ажратмаларга йўл қўяётган корхоналарни жаримага тортиш йули билан эришган. Чоралар ўз натижасини берган ва истеъмол қилинаётган кўмир миқдори 50 фоизга, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси 100 фоизга ошган, атмосферага ажратилаётган олтингугурт қўшоксиди миқдори эса 2/3 қисмга қисқарган. 

Бироқ мамлакатда ҳавонинг ифлосланганлик даражаси ҳамон ўта юқори — кўмир ишлатувчи корхоналарнинг атмосферага ажратаётган улуши иссиқхона газлари ва зарарли заррачаларнинг бор-йўғи 10–20 фоизини ташкил этади. Олимлар агар ҳукумат Пекин узра яна ложувард осмонни кўришни истаса — ҳавони ифлослантирувчи бошқа манбаларни ҳам назорат остига олиш керак, деган фикрда. 

Ҳиндистонда эса, аксинча, олтингугурт қўшоксидини ҳавога ажратиш сўнгги 10 йил ичида 50 фоизга ошгани, мамлакат жаҳонда бу зарарли газ билан атмосферани ифлослантираётган етакчи мамлакатлар қаторига қўшилгани даъво қилинмоқда. 2012 йилда у ерда кўмир асосида ишловчи йирик электр станцияси қурилган ва Хитойдан фарқли ўлароқ, атроф-муҳитни ифлослантиришнинг олдини олиш учун бирор бир чора кўрилмаган. Оқловчи ягона жиҳат — мамлакатда ҳавони ифлослантирувчи бошқа омиллар унчалик кўп эмас, шу сабабли олтингугурт қўшоксиди Хитойдагидек муаммо келтириб чиқармайди. Бироқ Ҳиндистонда ҳам электр Энергиясига бўлган талаб йил сайин ошиб бормоқда, парник газларининг ажралиб чиқишини камайтиришга доир чоралар қўлланилмаса, вазият ёмон томонга ўзгариб кетиши тайин. 

Ҳиндистон учун қуёш энергетикаси нажот бўлиши мумкин. Мамлакат бош вазири Нарендра Моди 16 млрд. рупия (1,8 млрд. евро) бўлган дастурни ишга туширди. Унга кўра, 2018 йилнинг сўнгига бориб барча уй хўжаликлари электрлаштирилади. Дастур Ҳиндистоннинг шаҳар ва қишлоқларида истиқомат қилувчи 40 миллиондан ортиқ оилани — мамлакат аҳолисининг чорак қисмини қамраб олади.