2017 йилнинг 12 15 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Испания Қироллигида бўлади. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ташриф дастурига биноан Испания Сенати, Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазирлиги, Иқтисодиёт, саноат ва рақобат вазирлиги ҳамда Савдо палатаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон-Испания бизнес-форумида ва бошқа биргаликдаги тадбирларда иштирок этади ва қиролликнинг етакчи компаниялари вакиллари билан алоҳида учрашувлар ўтказади.

Ташриф доирасида иқтисодиёт, саноат ва транспорт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.