Яқин орада iPhone X смартфонининг ажойиб камераси янада яхшироқ бўладиган кўринади. Гап шундаки, Тим Кук компанияси InVisage Technologies стартапини харид қилди. Унинг квантли нуқталар технологияси смартфон камераси билан Ҳолливуд сифатидаги видеолавҳаларни тасвирга олиш имконини беради, деб ёзмоқда Business Insider.

Тасвирнинг оддий CMOS-датчиклари кремний кристали асосида ишлайди. Ҳозирда смартфонлар камераларида қўлланилаётган технология тўсқинликни камайтириш учун ҳар бир пикселни қуршаб олади. Аммо бу кристаллнинг ёруғлик сезгирлигини пасайтиради. Шу билан тасвир етарли ёруғлик бўлмаганда ёрқин чиқмайди. 2006 йили Калифорнияда ташкил этилган InVisage стартапи махсус QuantumFilm қатламига эга бўлган инновациявий тасвирни узатиш датчигининг архитектурасини ишлаб чиқди. У ёруғликни имкон қадар юқори даражада қабул қилади.
 
Нанозарралар стартап ишлаб чиққан ўзига хос материалга сепилади. У квант нуқталаридан иборат тўрни ҳосил қилади. Айни шу нарса видеокамера матрицасининг асоси бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси, янги технология смартфонлар камераларига мос келишидир.
InVisage QuantumFilm технологияси асосида суратга олинган видеолавҳани намойиш этди. Қисқаметражли фильм смартфонга Ҳолливуд сифатидаги кинони суратга олиш мумкинлигини исботлайди. 

Ҳозирда стартапда 53 киши ишламоқда. Crunchbase маълумотларига кўра, у 98 млн долларлик сармояларни жалб этган. Хусусан, Intel Capital, Nokia Growth Partners ва GGV Capital каби венчур жамғармалар унга пул тиккан. Ўз навбатида Apple компанияси ўз режаларини ошкор қилганича йўқ. Шунингдек, InVisage қанча қийматга харид қилингани ҳам маълум эмас. 

Умуман олганда экспертларнинг ишонч билдиришича, тишланган олма компанияси квантли нуқталар технологиясидан фойдаланиб, видеокамераси сифатини янада юқори поғонага кўтаради. Аслида iPhone X камераси ҳозирги ҳолатда ҳам анча яхши натижани кўрсатмоқда. Ҳозирда Apple Sony компаниясининг тасвирлар датчигидан фойдаланади. Аммо InVisage инновацияси ёрдамида корпорация ўз датчигини ишлаб чиқариш билан шуғулланиши ҳам истисно эмас.