Bentley компанияси ҳашаматли электрокар ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқмоқда. У 4 эшикли  Porsche Mission E шассисида ишлаб чиқилиши мумкин, деб ёзади Automobile.

Дастлабки маълумотларга кўра, янги Bentley модели Barnato деб аталиши эҳтимол. Электрокар Британия компаниясининг собиқ раҳбари ва «Ле-Ман» автопойгасининг 3 карра чемпиони Вулф Барнато шарафига шундай номланади. Янги электромобиль Porsche Mission E каби 4 эшикли ва 4 ўриндиқли бўлади. Аммо унинг дизайни ўзгаради ва салони янада дабдабалироқ жиҳозланади. 

Ҳозирча электрли Bentley машинасининг техник кўрсаткичлари хусусида маълумотлар йўқ. Аммо Mission E умумий қуввати 600 от кучига тенг 2 та электромотор билан жиҳозланиши маълум. У илк «юзлик»ка 3,5 сонияда эришади. Mission E бир марта қувватлантирилгач, 500 километрга яқин юради. 

«Порше» ўз электрокарини 2019-2020 йилларда ишлаб чиқиши кутилмоқда. У тахминан Panamera нархида бўлади. Аммо Bentley электромобили қачон конвейерга қўйилиши номаълум.