Facebook ижтимоий тармоғининг асосчиларидан бири ва собиқ президенти Шон Паркер ижтимоий тармоқ одамдан иложи борича кўпроқ эътибор ва бўш вақтни олиш учун яратилганини айтди. У шу сабабли ижтимоий тармоқлар ривожига ҳисса қўшганидан афсус қилишини таъкидлаб ўтган.

“Лайклар, суратлар ва хабарларга изоҳлар дофаминнинг кичик миқдорда ишлаб чиқарилишига олиб келади. Бу эса янги лайклар ва изоҳлар деб сизни кўпроқ контент яратишга мажбур қилади – бу ёпиқ ҳалқага ўхшайди”, деб айтган Паркер Axios порталига берган интервьюсида. 

Унинг айтишича, дастурчилар “инсон писохологиясидаги нозик жойни” илғашга муваффақ бўлишган, бироқ шунга қарамай тўхташни исташмаган.

“Бу инсоннинг жамият, бошқа инсонларга муносабатини ўзгартиради. Бу қандайдир антиқа йўл билан унумдорликка ҳам таъсир қилиши мумкин. Ижтимоий тармоқлар фарзандларимиз онги билан нималар қилиши ёлғиз тангрининг ўзига аёндир”, деб қўшимча қилган Паркер. 

Шунга қарамай, Паркер Facebook’да саҳифага эга. “Агар Марк мен айтган гаплардан хабар топса, эҳтимол, менинг аккаунтимни тўсиб қўяди. Мен бу платформалардан фойдаланаман ва шунчаки уларга мендан фойдаланишга йўл қўймайман”, деб ҳазиллашган Паркер. 

Facebook ижтимоий тармоғига 2004 йилда Марк Цукерберг, Эдуардо Саверин, Дастин Московиц ва Крис Хьюз томондан асос солинган. Napster асосчиси Шон Паркер компаниянинг биринчи президенти бўлган, бироқ уни 2005 йилда тарк этган. Ҳозирда компанияни Цукерберг бошқаради ҳамда компаниянинг ижрочи директори ва директорлар кенгаши раиси ҳисобланади.