Фаластиннинг марҳум етакчиси Ёсир Арофатнинг вафоти кунидан 13 йил ўтган бўлса ҳам, унинг қарашлари ҳанузгача Фаластин жамияти ва сиёсатига таъсири кучли бўлиб қолмоқда.

Фаластиннинг собиқ раҳбари ва Фаластинни озод қилиш ташкилотининг етакчиси бўлган Арофат 2004 йил 11 ноябрда 75 ёшида Париждаги “Перси” шифохонасида вафот этган.

Жорий ҳафта давомида фаластинликлар Арофатнинг хотирасини ёд этиб, турли тадбирлар ўтказдилар. Одамлар унинг Рамаллоҳдаги қабрини зиёрат қилишган. 

2002 йилдан Исроил хавфсизлик хизматлари Арофатни Рамаллоҳдаги қароргоҳида уй қамоғида ушлаб туришган. Ушбу бино икки йил давомида Исроил армияси томондан қуршовда ушлаб турилган. 

2004 йилда Арофат касал бўлиб қолган ва унга “грипп” ташхиси қўйилган. Исроил рухсати билан у Парижга даволашга жўнатилган ва у ерда вафот этган.

Арофат ўзини Ал-Қудсда дафн этишларини васият қилган, бироқ бу шаҳар Исроил томондан оккупацияда бўлгани сабаб унинг бу васиятини бажаришнинг иложи бўлмаган. Арофат Рамаллоҳда дафн этилган, унинг ўлими эса ҳали ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади.

Арофат заҳарлангани ҳақидаги ахборотни тергов қилган швейцариялик мутахассислар экспертизадан кейин 83 фоизлик эҳтимол билан Арофат ҳақиқатан ҳам заҳарланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосага келишган.

Ўтган йили Фаластиннинг амалдаги раҳбари Маҳмуд Аббос Арофатнинг вафоти сабаблари ҳали ҳам тергов қилинаётганини маълум қилган. “Яқин орада биз барча қотилларнинг номини ошкор қиламиз ва барча бундан карахтга тушади”, деб айтган Аббос.

Арофат ҳаётининг охирги кунларигача фаластинликларнинг кучли раҳбари бўлиб қолган. 

2016 йилда Рамаллоҳда Арофатга бағишлаб музей очилган.