Халқимизда “Ҳаётда энг асосийси меҳнатдир. Ҳамма касофатлардан, ҳамма қийинчиликлардан фақат бир йўл – меҳнат билан қутулиш мумкин”, деган гап юради. Ҳақиқатдан ҳам унинг замирида улкан маъно бор. Лекин уни англаган ва қадрига етган инсонгина кетмас давлатга эришади. Шу боис ҳам инсон ҳаёти азиз, қандай умргузаронлик қилиш эса ҳар кимнинг ўз ақл-идрокига боғлиқ. Аммо нафс қутқусига учиб, осонлик билан ўзгалар ҳисобига ўз ҳаётини йўлга қўйишни истовчилар ҳам орамизда учраб турибди.

“Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, ўтган йилнинг август ойида Фаррух Эркинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) амакиси Комилжон Аннамуродовдан бир ойда қайтариб бериш шарти билан бир миллион сўм қарз сўрайди. Жиянини қуруқ қайтара олмаган Комилжон нақд пули йўқлиги, агар хоҳласа, пластик карточкасидаги бир неча миллион сўм пулдан кераклигини ишлатиб, қолганини қайтариб олиб келиб беришини айтади. Жияни рози бўлади.

Пластик карточкани олган Ф.Эркинов таниши Бекзод Алиевга қўнғироқ қилиб, агар пластик карточкадаги пулни нақдлаштириб берадиган танишлари бўлса, бир миллион сўм қилиб беришини илтимос қилади. Бели оғримай пул топишни мақсад қилиб юрган Бекзод учун ушбу илтимос айни муддао эди. Улар маълум фоиз ҳисобига бу ишни амалга оширишга келишиб олишади. Пластик карточканинг кодини билиб олган Б.Алиев уни олиб, ўзининг жиноий шериги Олим Бобоевга қўнғироқ қилади ва қармоғига каттагина “балиқ” илинганини айтади. Икковлон К.Аннамуродовга тегишли бўлган пластик карточкадан 86 млн. 918 минг сўм маблағни ечиб олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишади. Сўнгра Бекзод “бунинг “блок”ка тушиб қолган экан, ундан пул ечиб бўлмади”, деб таниши Ф.Эркиновга пластик карточкани қайтариб беради.

Ушбу гапни эшитган К.Аннамуродов дарҳол тегишли банкка бориб, пластик карточкасини текширтирганида, унинг ичидаги пуллар ечиб олингани маълум бўлади.

Текин ошнинг таъми ёқиб қолган Б.Алиев ўзининг фириби билан яна бир содда инсонни чув тушириб кетади. Маъмуржон Тўлагановнинг фуқаро Акмал Бердиевдан қарздорлигини билиб қолган Бекзод бу пулларга ҳам эга чиқиш режасини тузиб, бозорда савдо қилаётган М.Тўлагановнинг олдига боради ва А.Бердиев юборганини айтиб, 16 млн. 980 минг сўм қарзини тезда бериши кераклигини айтади. Унга ишонган Маъмуржон ўртадаги қарздан узилиш учун айтилган миқдордаги пулларни унга бериб юборади. Лекин қарз эгасига етиб бормай, Бекзоднинг эҳтиёжлари учун сарфланади.

Иштаҳаси кун сайин очилиб бораётган Б.Алиев жиноий ишларини давом эттириб, “қармоғига” яна бир инсонни илинтиради. У Одилжон Рўзиев билан танишиб, унинг ишончига осонгина кира олади. Яъни Бекзод ундан АҚШ долларига алмаштириб бериш эвазига 12 млн. сўм пул олади. Ваъдани узоғи билан бир ойда бажаришга сўз берган фирибгар ном-нишонсиз ғойиб бўлади.

“Кўза кунда эмас, кунида синади”, деганларидек, мўмай ва меҳнатсиз пул топишни ўзига касб қилган Б.Алиев ҳамда унинг шериги О.Бобоев қилмишлари учун жавоб беришди. Шу йилнинг май ойида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан судланувчиларга нисбатан тегишли жазо тайинланди.