10 ноябрда Германиянинг Вольфсбург темир йўл вокзалида серияли тарзда ишлаб чиқариладиган дунёдаги илк водород поезди тақдимоти бўлиб ўтди. Coradia iLint номли бу поезд Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси томондан яратилган.

Кейинги йилда иккита илк Coradia iLint поезди Қуйи Саксония ерида Букстехуде—Куксхафен йўналиши бўйича қатнай бошлайди. Тақдимот вақтида Қуйи Саксония раҳбарияти Alstom билан 2021 йилгача бу поезддан яна 14 тасининг етказилиб берилиши бўйича келишув имзолаган. Бу вақтгача ушбу поезд Куксхафен, Бремерсхафен, Бремерферде ва Букстехуде шаҳарлари орасида ҳаракатлана бошлайди. Водородда юрувчи бу поездлар Германиянинг Зальцгиттер шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилади. 

Фото: Coradia iLint

Германиянинг яна учта федерал ери билан бу поездларнинг харид қилиниши бўйича бошланғич келишувларга эришилган. Водород поездлари электрлаштирилмаган темир йўлларда дизелда юрувчи поездлар ўрнини эгаллайди. Alstom келгусида Германияда барча дизель поездлари водородлиларига алмаштирилишига умид билдирган.

Поезднинг водород билан бир марта тўлдирилиши 800 км масофага етади. Бунда поезд 140 км/соат тезлик билан юра олади. Поезд томида водород ёқилғиси сақланадиган цистерна ва водород энергиясини электр токига айлантириб берувчи ёқилғи элементи ўрнатилган. Поездларни водород билан тўлдиришни Linde кимё компанияси амалга оширади.

Фото: Coradia iLint