Хитой шу ҳафта ичида йирик шаҳарларидан бирида ходимларсиз полиция участкаси очилиши ҳақида эълон қилди. Мамлакатнинг Caijing Neican нашрига кўра, участкада ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш учун имтиҳондан ўтиш, паспорт олиш ариза бериш ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин, деб ёзади The Next Web.

Роботлаштирилган полиция участкаси жиноятчиларни ушлаш ва тартиб-интизомни назорат қилиш эмас, бизда ЙҲХБ ва ХЧКФРБ каби идоралар зиммасига юкланган вазифалар билан шуғулланади. Хусусан, бу ерда Face ID бўйича қайддан ўтиб, компьютер тренажёрида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топшириш мумкин.

Фуқароларни аутентификация қилиш учун бугунги кунда Хитойда компьютер ўйинларидан тортиб ижтимоий кредитларни беришгача шуғулланаётган Tencent IT-гиганти томонидан ишлаб чиқилган, юзни сканерлашнинг такомиллаштирилган технологиясидан фойдаланилади.

Хизматдан фойдаланиш истагида бўлганлар аввалгидек навбат кутиб, қоғозларни қўлда тўлдиришмайди ёки электрон қайдномаларни уйида тўлдириб келишмайди. Tencent алгоритми инсон ҳақида барча маълумотларни олиш учун унинг юзини сканерласа кифоя бўлади.

Миш-мишларга кўра, Хитойда давлат хизматларини тўлиқ автоматлаштириш устида иш олиб борилмоқда. Режалаштирилишича, давлат хизматларини тақдим этиш станциялари туну кун ишлайди.

Сунъий идрок қўлланиладиган соҳаларнинг кўпайиши иш ўринларининг қисқаришига олиб келади. Лекин тан олиш керакки, айниқса давлат хизматлари соҳасида инсонлар — энг мос номзодлар эмас, деб ёзади нашр.