IBM корпорацияси квант компьютерини яратишда янги босқич ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда Associated Press.

IBM’нинг квант компьютерлари йўналиши раҳбари Дарио Гилнинг хабар беришича, мутахассислар қуввати 50 кубит (квант битлари) бўлган ҳисоблаш машинасининг ишлайдиган прототипини яратишган.

TechCrunch’нинг аниқлик киритишича, IBM бундай квант компьютери қачон тижорий мақсадларда фойдаланиш учун тақдим этилишини хабар қилмаган. Шунингдек, нашрнинг хабар беришича, IBM булутли сервис орқали 20-кубитли квант ҳисоблашлари тақдим этилиши ҳақида маълумот берган.

2016 йилнинг майида корпорация IBM Quantum Experience булутли сервисини ишга туширди. У қуввати беш кубит бўлган ҳисоблашларга «эшик очади».

Квант ҳисоблаш технологиялари ишлаб чиқаришнинг энг бошланғич даражасида турибди. Уларда суперпозиция ва чигаллик каби квантмеханик ҳодисалар фойдаланилади. Ҳозирча тўлақонли квант компьютери яратилмади.