2017 йилнинг 18 октябрь куни соат 8:00дан 19:00га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Чилонзор тумани ҳудудида фуқаро Г.С.нинг хонадонига кириш эшигини бузиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, унга тегишли бўлган 17.000.000 сўм пуллари ва баҳоси 4.000.000 сўм бўлган «LG» русумли телевизорини ўғирлаган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди (ўғирлик, яъни уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган эди. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни муқаддам судланган Д.Г., И.У. ва Ю.Т. содир этганликлари аниқланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.