Телефон харид қилинганидан сўнг бир ҳафта ишлатилиши ҳамоно смартфон дисплейида узунасига яшил чизиқ тушиб қолмоқда ва у йўқолмаяпти.

Фото: Twitter/mix0mat0sis‏

MacRumors сайти худди шундай симптомли муаммоларнинг бир қанчасини йиғиб чиққан — экранда яшил чизиқ пайдо бўлиб қолган. Фойдаланувчиларда у экраннинг турли қисмларида пайдо бўлмоқда, бироқ чизиқнинг кўриниши бир хил ва бутун дисплей узунлигини эгаллаб олган.

Фото: Twitter/MACinCLE ва Nate Heagy‏

Муаммодан жабр чекаётганларнинг сўзларига қараганда, улар смартфонни қайта юклаш ёки захира нусхасидан тизимни тиклаб ҳам чизиқни бартараф эта олишмаяпти. Бу ҳолатда чизиқ шунчаки бошқа жойда пайдо бўлиб қолмоқда ҳамда вазият айнан дастурий таъминотдаги нуқсон билан тушунтирилмоқда.

Фото: MacRumors 

Ҳозирча барча ҳолатлар орасида маълум бир қонуният аниқланганича йўқ. Телефонларни қўлдан тушириб юборишмаган. Чизиқ дарҳол эмас, айнан бир ҳафтача фойдалангандан кейин пайдо бўлмоқда. Муаммо маълум бир партия ёки минтақавий моделга оид эмас — муаммо АҚШ, Канада, Австралия  ва бошқа кўплаб давлатларда сотилган телефонларда кузатилмоқда.

Фото: MacRumors 

Баъзилар муаммо юзасидан Apple сервис марказига мурожаат ҳам қилишган ва уларнинг дисплейлари бепул алмаштириб берилган. Афтидан, компания нуқсонлар борасида маълумотларни энди тўпламоқда, унинг пайдо бўлиш сабабини ҳозирча ўзи ҳам билмаса керак. Компания вакиллари вазиятга изоҳ беришмаган.

Бу iPhone X билан боғлиқ биринчи оммавий муаммо эмас. Олдинроқ iPhone X’нинг сенсор экрани билан боғлиқ яна бир муаммо ҳам аниқланган эди. Аниқланишича, совуқ ҳавода смартфон экрани босишларга жавоб бермай қўяркан.

«Биз iPhone X экрани совуқ муҳитга кескин ўтилганда сенсори ишламай қолиши ҳолатларидан хабаримиз бор. Сенсор бир неча сониядан кейин яна ишлаб кетади. Бу муаммо смартфоннинг кейинги янгиланиши вақтида ҳал қилинади», деб айтилган компанияда.

Apple ноябрь бошида iPhone X экрани куйиб, қорайиб кетишидан огоҳлантирганди. Бу муаммо экранда узоқ вақт ўта контраст ёрқин сурат очиқ бўлганда вужудга келади.