Қирғизистоннинг давлат қарзи йил бошидан буён 301 миллион АҚШ доллари (+7,4 фоиз)га ошиб, 4 миллиард 367 миллион долларга етган. Қирғизистон молия вазирлиги томонидан тарқатилган маълумотларга асосланиб, «Акчабар» хабар бермоқда.

Бўлиб ҳисобланганда бу қуйидагича кўринишга эга: ташқи қарз йил бошидан буён 225,4 миллион доллар (6 фоиз) га ошиб, 3 миллиард 968 миллион долларга етган, ички қарз эса 76 миллионга ошган (+23 фоиз) ва 398 миллион долларни ташкил этмоқда.

Қирғизистон энг кўп Хитойнинг «Эксимбанк»идан қарздор — 1,63 миллиард доллар (давлат қарзи умумий суммасининг 37 фоизи). Иккинчи ўринда Бутунжаҳон банки тузилмалари (Ривожланиш халқаро ассоциацияси ва Халқаро валюта фонди) — 838 миллион доллар (улуш 19 фоиз). Учинчи ўринда Осиё тараққиёт банки — $601 млн. доллар (14 фоиз).

Бу молия ташкилотларидан олинган қарзлар молия вазирлиги таснифи бўйича имтиёзли ҳисобланади. «Акчабар»нинг ҳисоблашича, агар ташқи қарз мамлакатнинг ҳар бир меҳнатга лаёқатли фуқаросига бўлинса, жон бошига 1204 доллардан тўғри келар экан.