Эрон «олтиталик» билан (БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия – таҳ.) 2015 йилда имзоланган ядровий келишув шартларини бажармоқда, ҳамда мамлакатга нисбатан энг ишончли назорат тартиби ўрнатилган, у ҳозирги пайтга қадар ҳеч қандай яширин фаолиятни аниқламади. Бу ҳақда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори Юкия Амано БМТ Бош Ассамблеяси олдида маъруза билан чиқиш қиларкан айтиб ўтди.

"Эрон томонидан Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режаси (ҚКҲР) доирасида, ядро соҳаси бўйича олинган мажбуриятлар бажарилмоқда. Ҳозирги пайтда Эронга нисбатан энг ишончли назорат тартиби ўрнатилган. Бизнинг инспекторлар объектларга бориш имкониятини кенгайтиришди ва Эрон ядровий дастури ҳақида кўпроқ маълумотга эгалар. У (ядро дастури – таҳ.) ҚКҲР кучга кирганидан бери қисқарди", - дея айтиб ўтди Амано.

Аманонинг сўзларига кўра, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот Эрон томонидан МАГАТЭ билан кафолатлар тўғрисидаги келишув имзоланганда маълум қилинган материаллар ҳарбий дастурларга йўналтирилмаслигини кузатиб бормоқда. "Эронда қайд этилмаган ядро материаллари ва фаолиятнинг йўқлигини текшириш давом этмоқда", - дея қўшимча қилиб ўтди у.

ҚКҲР Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Франция ва Германия томонидан Эрон билан 2015 йилнинг июлида мувофиқлаштирилди ҳамда 2016 йилнинг январидан амалга оширила бошланди. Келишув Теҳронга нисбатан БМТ Хавфсизлик Кенгаши, АҚШ ва Евроиттифоқ томонидан аввал жорий этилган санкцияларни бекор қилишни назарда тутади. Теҳрон эса ўзининг ядровий фаолиятини чеклаши ҳамда уни халқаро назоратга қўйиши талаб этилади.