10 ноябрда 70 ёшида вафот этган таниқли россиялик сатирик Михаил Задорнов Латвияда дафн этилади. Бу ҳақда артистнинг оиласи унинг “ВКонтакте”даги саҳифасида маълум қилган.

“Бугун, 2017 йил 10 ноябрда, соат  9.15да бизнинг яқин ва қадрдон инсонимиз ҳаётдан кўз юмди. Уни ҳаётининг оғир дамларида қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдирамиз. Михаилнинг истаги билан у туғилган ўлкаси – Латвияда дафн этилади. Дафн санаси ва вақти ҳақида кейинроқ маълум қиламиз”, деб айтилган хабарда.   

Сатирикнинг оиласи унинг ўз ҳаёти ва оила аъзолари ҳаётини четдан аралашишлардан ҳимоя қилиб келгани ҳақида эслаб ўтди. “Унинг истагини ҳурмат қилиб, унинг ўлими атрофида ортиқча машмаша кўтармасликни сўраб қоламиз. Биз унинг ҳаётини ва ўлимини турли ток-шоуларда ва бошқа телекўрсатувларда, босма матбуот ва радиода оммавий муҳокама қилинишига ҳеч кимга рухсат бермаганмиз”, дейилган хабарда. 

Задорнов 1948 йилда Юрмалада дунёга келган. Телевидениеда 1982 йилдан чиқа бошлаган. Сатирик 10 дан кўпроқ китоб ёзган, унинг асарлари орасида лирик ва ҳажвий ҳикоялар, очерклар, пьесалар бор. Задорнов узоқ вақтдан бери онкологик касаллик билан курашиб келган.