Москва жанубидаги Бирюлево тумани ҳудудида келиб чиқишига кўра ўрта осиёлик бўлган меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув рўй бериши оқибатида 4 киши жиддий жароҳатланган, ҳужум уюштиришда гумон қилинганларнинг 3 нафари қўлга олинган. Уларнинг ёши 22-25 атрофида бўлиб, барчаси Ўрта Осиё республикаларидан бирининг фуқароларидир.

ИИВ маълумотига кўра, ҳодиса ҳақида гувоҳлар полицияга хабар беришган. Тўқнашув иштирокчиларининг 3 нафари Самара вилояти ҳудудида, Жигулевск шаҳри яқинида қўлга олинган. Улар бу вақтда чегара томон ҳаракатланишаётганди.

Қўлга олинганлардан бири муштлашувда қатнашганларнинг барчаси деярли 8 йилдан буён Москвада яшаб, ишлаб келгани, уларнинг аксари юк ташувчи экани ҳақида айтди. У муштлашувда биталар ва пичоқлардан фойдаланганини билдирди.

Тўқнашув содир бўлган кун ва можаро сабаблари аниқ айтилмаяпти. Ўша куни полиция Бирюлевога етиб келгач, жароҳатланганларга биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатган ва тиббиёт ходимларини чақирган.

«Полиция етиб келиб бизни қутқарди, улар бизни ўлгунча калтаклашмоқчи эди», — деган оператив съёмка вақтида жабрланувчилардан бири. У бошидан жароҳат олганди. Яна бир кишининг бўйни кесилган, у 3 литр қон йўқотган, полициячилар унда қон оқишини тўхтатишган.

ИИВ Тергов бошқармаси ушбу ҳодиса юзасидан РФ ЖКнинг 213 моддаси («Безорилик») бўйича жиноий иш очган. Суд қарорига кўра, уч киши ҳибс қилинган.