Ироқ шимолида ИШИД жангарилари томондан ўлдирилган 400 га яқин кишининг жасадларидан иборат оммавий қабр топилди. Бу ҳақда Ироқ ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Al Baghdadia News янгиликлар портали хабар берди.

Маълум қилинишича, қабр Киркук яқинидаги Ал-Ҳувайжа шаҳридаги аввал америкаликлар томондан ишлатилган, сўнгра жангарилар томондан босиб олинган ҳарбий база ҳудудида топилган. 

21 сентябрда Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий жангариларнинг Ал-Ҳувайжа яқинидаги позицияларига катта кўламли ҳужум бошланишини эълон қилган. Операция бошлангунга қадар ушбу шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудлар 1-2 минг жангари томондан ушлаб турилган. 11 октябрда эса шаҳар жангарилардан тўлиқ озод қилингани эълон қилинган.  

Октябрь давомида шаҳар яқинида жангарилар томондан ўлдирилган ўнлаб аскарлар ва полициячиларнинг жасадлари кўмилган учта қабр топилган.