11 ноябрь куни Ўзбекистон Футбол Федерациясининг мажлислар залида, федерация ва ПФЛ раҳбарияти, ҳамда Олий лига футбол клублари раҳбарлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.

Унда 2018 йил Олий Лигада иштирок этадиган клублар олдига қўйиладиган талабларнинг асосий жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

Жумладан, келаси йилдан бошлаб Олий лига клублари ўзларининг футбол мактабларига (академия) эга бўлишлари, ушбу академиялардаги шарт-шароитлар талаб даражасида бўлиши, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини юқори савияда ушлаб туриш учун машғулот ва тренажёр заллари мавжуд бўлиши зарурлиги тилга олинди.

Футбол мактабларида (академия) U-10, U-14, U-16, U-18 ёш тоифаларидаги камида 4 та жамоа бўлиши шартлиги ҳам таъкидланди.

Бундан ташқари, келаси йилдан бошлаб ҳар бир Олий лига клуби аёллар жамоаси ва мини-футбол жамоасига эга бўлиши кераклиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, стадионларда ОАВ ходимлари ва мухлислар учун етарли шарт-шароитлар яратилиши, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги бўйича талаблар қўйилди.

Агар клублар лицензиялаш талабларини бажармайдиган бўлса, келаси йили Олий лигада иштирок этишига йўл қўйилмаслиги бўйича огоҳлантирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЎФФ 2018 йил ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатида 12та жамоа иштирок этиши ҳақида қарор қабул қилган эди.