Германиянинг Opel автомобилсозлик компанияси 2024 йилдан фақат электромобиллар брендига айланади. Компания Франциянинг PSA Group концернига сотилганидан сўнг, шундай режа пайдо бўлган. Шу билан ишлаб чиқарувчи ўзининг собиқ эгаси GM концернига камроқ тобе бўлади, деб ёзади Electreck.

Ҳозирча, Opel фақат битта электр модели — Ampera E машинасини сотмоқда. Аслида у Chevy Bolt EV десак хато қилмаган бўламиз. Аммо Opel муаммоси моделнинг битталигида эмас, балки унинг хоҳловчиларга етмаганидадир. Компания Европада Ampera E моделига бўлган катта талабдан фойдалана олмади, чунки GM Bolt EV экспортини чеклаб қўйганди. Натижада нархлар қимматлашди ва кейинроқ умуман автодўконлардан йўқолди. 

Эндиликда, компания яна даромадни бой бермаслик мақсадида 2020 йилгача электромобиллари қаторини 4 тагача кўпайтиришга ваъда бермоқда. У 2024 йилда тўлиқ электрокарлар ишлаб чиқарадиган компанияга айланади. Янги электромобиллар PSA Group технологиялари асосида ишлаб чиқилади, деган Opel ижрочи директори Михаэль Лошеллер.

«Opel PSA концерни технологияларидан тўлиқ фойдаланиш имконига эга бўлар экан, CO2                                                                                                                                                                                газини ҳавога чиқишини камайтириш борасида Европанинг етакчисига айланади. 2024 йили Европанинг барча йўловчи автомобиллари электрлаштирилади. Биз экологик батареялар ва электродвигателлар тақдим этамиз. 2020 йили Opel бозорда 4 та электркарни таклиф этади. Бунда Corsa тўлиқ электрокар ҳисобланади. Электрлаштириш биз учун биринчи вазифадир», — деган Лошеллер.

Умуман олганда, агар хорижий автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар баёнотларига ишонилса, яқин орада ички ёнув двигателли автомобиллар ишлаб чиқиш бутунлай тўхтатилса ажаб эмас. Сўнгги йилларда барча йирик автомобиль компаниялари ўз маҳсулотларини электрга ўтказишини айтмоқда.