Россия етакчиси Владимир Путин АҚШ президенти Дональд Трамп билан ОТИҲ саммити вақтида алоҳида учрашувнинг ташкиллаштирилмагани икки томонлама муносабатлардаги инқироздан дарак беришини билдирди.

«Бу шундан далолат берадики, Россия ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳали ҳам инқироз ҳолатидан чиқмади», - дея таъкидлаб ўтди РФ президенти.

Унинг қайд этишича, Россия томони «бу саҳифани алмаштириб, олдинга қараб ҳаракатланишга» тайёр.

«Келажакка қараш, ҳам АҚШ халқи, ҳам Россия халқи манфаатдор бўлган муаммоларни ҳал қилиш, бизнинг иқтисодий алоқаларимизни янада аниқ мазмун билан тўлдириш ҳақида ўйлаш керак», - дея хулоса қилди у.

Аввалроқ Путин ва Трамп Сурия бўйича чақириқ билан чиққани ҳақида хабар берилганди.