Ўзбекистоннинг “Ravon” бренди 2017 йил бошидан ноябрь ойи бошига қадар Россияда 11477 та енгил автомобиль сотди ҳамда ўтган йилга нисбатан 1150 фоизлик савдолар  ўсишини намойиш қилди. Бу эса енгил машиналар тоифасида рақобатнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Бу ҳақда citytraffic.ru сайти хабар бермоқда.

Россияда янги енгил ва енгил тижорат машиналарининг 2017 йил январь-октябрь ойларидаги савдоси натижаларига кўра, Ravon бренди ҳаттоки савдолар етакчиларининг ўнталигига ҳам кирмаган. Бироқ етакчилардан бирортаси 2016 йилга нисбатан Ravon каби бундай “портловчи” ўсишни намойиш қила олмаган.

Бу нимадан дарак бермоқда? Таъкидланишича, 2016 йилда россиялик автоҳаваскорлар бир қатор сабабларга кўра Ravon машиналарини сотиб олишга шошилишмаган. Россияда ушбу марканинг деярли расмий дилерлари бўлмаган. Машинага ҳақ тўлаб, у Ўзбекистондан олиб келингунгача маълум муддат кутишга тўғри келган. Шунингдек, бу машиналарга хизмат кўрсатиш жойлари деярли бўлмаган. 2017 йилда эса вазият тубдан ўзгарди: Ravon машиналарини харид қилиш осонлашди ва уларни таъмирлаш жойлари ҳам пайдо бўлди. Бунинг натижасида савдолар ўсди.     

Ravon’нинг арзон машиналар сегментидаги етакчилигини яқин йилларда “АВТОВАЗ” бартараф қилишга уриниб кўриши мумкин. Завод гапларга қараганда, ўта арзон автомобиль тайёрламоқда ва бу машина бугунги кунда Россиядаги барча автомобиль заводларидан чиқаётган машиналардан энг арзони бўлади.

Яна бир қизиқ ҳолатни қайд қилиб ўтиш мумкин: Ravon савдосининг улкан ўсиши ортида қолган хорижий автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўз позицияларини сезиларли йўқотдилар. Мисол учун, Mercedes ва Land Rover 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоиз камроқ, Audi – 20 фоиз, Porsche – 8 фоиз, Toyota 2 фоиз камроқ машина сотган. 

19 октябрда Москвада Ravon брендининг дилерлари анжумани бўлиб ўтган. Ушбу анжуман Ravon’нинг Россиядаги 2 йиллик фаолиятига бағишлаб ўтказилган.

Анжуманда савдолар натижалари, компанияни ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси, кейинги йилга режалар муҳокама қилинган. Жумладан, анжуманда “Равон Моторс Рус” бош директори Шароф Ашуров жорий йил охиригача Россияда 15 мингта машина сотиш режалаштирилаётгани, бренднинг дилерлик тармоғи эса 80 дан кўпроқ 
корхонани ташкил қилаётганини қайд қилиб ўтган.

Шунингдек, компания Москва ва Новосибирскда бренд машиналари учун эҳтиёт қисмлар сақлаш омборларини ташкил қилмоқчилиги, эҳтиёт қисмларни онлайн ва офлайн сотиш нуқталарини ривожлантирмоқчилиги таъкидлаб ўтилган.