Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили унинг 11 ёшли ўғли ва уни кузатиб бораётган Грузия давлат қўриқлаш хизмати ходими 10 ноябрда Киевнинг Борисполь аэропортида ушланганларини маълум қилган.

“2 соат аввал Борисполь аэропортида 11 ёшли ўғлим ва уни кузатиб бораётган Грузия давлат қўриқлаш хизмати ходими ушланган. Бу ходим менинг ёнимга келаётган бўлган, у расмий хизмат сафарида. Уларнинг барча ҳужжатлари жойидалигига қарамасдан, уларни алоҳида хонада ҳеч қандай тушунтиришсиз 2 соатдан бери ушлаб туришибди. Нима бўлаётганини билиш учун аэропортга кетмоқдаман”, деб айтган Саакашвили Facebook’даги саҳифасида.

Аввалроқ Саакашвили сафдошлари қўлга олиниб, Грузияга депортация қилинишгани ҳақида айтиб ўтганди.  

Украина фуқаролигидан маҳрум этилган Саакашвили 10 сентябрда тарафдорлари кўмагида Польшадан Украинага ўтган. Шу туфайли Львов вилояти туман суди Саакашвилини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топган ва унга нисбатан 130 доллар миқдорида жарима белгилаган.