Саудия Арабистони коалицияси Яман пойтахти Санода жойлашган мамлакат мудофаа вазирлигига авиазарбалар берди. Бу ҳақда “Ал-Жазира” телеканали хабар бермоқда. Ҳужум оқибатида тинч аҳоли жабр кўрган бўлиши мумкин.  

Телеканал маълумотларига кўра, ҳаммаси бўлиб иккита авиазарба берилган. Бомбалардан бири турар жой биносига теккан. Гувоҳларнинг айтишича, 8 киши жароҳат олган ва 2 та уй вайрон бўлган. 

“Вайроналар остидан одамларни қидириш давом этмоқда”, деб айтилган хабарда.

“Мен уйда ўтирганимда биринчи зарбани эшитдим, бу мудофаа вазирлигига берилган зарба эди. Ҳамма қўрқиб кетди. Бир дақиқадан кейин яна битта бомба қўшним уйига тегди”, деб айтган гувоҳлардан бири.

Аввалроқ Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яман ҳудудидан Саудия Арабистони томон ракета отилгандан кейин Ямандаги барча портлар ва аэропортларни ёпишга қарор қилганди. Халқаро ташкилотлар бундай чоралар Яманда оммавий очарчилик ва соғлиқни сақлаш тизимида йирик муаммоларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда.