АҚШнинг Алабама штатида яшовчи 61 ёшли Ҳенри Уокер Walmart савдо тармоғидан етти ярим миллион долларни ундириб олди. Суд маслаҳатчилари қарорига кўра, компания бу миқдорни ўз мижозига икки йил муқаддам синдириб олинган оёғи учун тўлаб беришга мажбур, деб хабар бермоқда Fox News телеканали.

Иш материалларига кўра, Уокер Феникс-Сити шаҳридаги дўконга келган ва пештахтадан тарвузни олмоқчи бўлган. Шу пайтда эркакнинг оёғи ерда ётган ёғочли тагликка тиқилиб қолган. Харидор ўгирилаётган вақтида эса йиқилган ҳамда оёғини синдириб олган.

Мижоз ҳодисада дўкон маъмуриятини айблади ва Walmart’дан ўзига етти ярим миллион доллар маблағ тўлаб беришни талаб қилди: икки ярим миллион моддий ва беш миллион – маънавий зарар учун. Суд маслаҳатчилари видеокузатув камераларига тасвирланган ҳолатни кўриб чиқишди, ҳамда бу таглик бошқа харидорларга ҳам халақит берганини аниқлаб, жабрланувчининг даъвосини қаноатлантиришди.

Walmart вакиллари суд қарорига қарши шикоят аризаси билан чиқишларини маълум қилишди. Уларнинг фикрича, товон пули миқдори соғлиққа етказилган зарарга мос эмас, Ҳенри Уокер эса ўзининг бесўнақайлиги туфайли жабрланган.