Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан, товламачилик жинояти юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Жумладан, 2017 йил 10 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига фуқаро Г.А. ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида бундан бир неча йил муқаддам “Бекзод” исмли шахс унинг оила аъзоларига ҳайдовчилик хизматини кўрсатиб келганлигини, 2017 йилнинг август ойидан буён мазкур шахс унга таҳдид қилиб, у ҳайдовчи сифатида ишлаб келган вақтида Г.А.нинг Ф.А. эркак кишилар билан яқин алоқаларда бўлиб келганлигини, унда мазкур ҳолатни тасдиқловчи маълумотлар мавжудлигини билдириб, буни сир сақлаб қолиш эвазига 12.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилаётганлигини, акс ҳолда ушбу маълумотларни Ф.А.нинг турмуш ўртоғи ва яқин қариндошларига тарқатиб юбориш билан қўрқитиб келаётганлигини, шу сабабли “Бекзод” исмли шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

Ушбу ариза асосида шу куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан товламачини қўлга олиш борасида тезкор тадбир ўтказилиб, унинг натижасига кўра соат 14:30ларда, Миробод тумани ҳудудида 1982 йилда туғилган Б.Р. фуқаро Г.А.дан талаб қилинаётган пулнинг бир қисми сифатида 3.000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик, яъни жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкий манфаатлар беришни талаб қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, Б.Р.нинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.