Фото: tjournal.ru

Вьетнамнинг киберхавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Bkav компанияси мутахассислари iPhone X смартфонида қўлланган, фойдаланувчи юзини таниш функцияси Face ID’ни алдаш усулини намойиш қилишди. Улар бу мақсадда кўзларнинг икки ўлчовли суратлари, силикондан тайёрланган бурун ва 3D-принтерда босилган юз контурларидан иборат ниқобни яратишди.

Компания ходими Face ID функциясида ўзининг юзи қайд қилинган iPhone X’ни бу ниқоб ёрдамида блокдан чиқаришга ҳаракат қилиб кўрди ва бир уринишда бунинг уддасидан чиқди.

Ушбу ниқобнинг аксарият қисми инсон танаси рангига хос бўлмаган оқ рангда эканлигига компанияда тушунтириш берилмаган: эҳтимол Face ID фақатгина кўз, бурун ва лаб атрофидаги майда фотодеталларни тадқиқ қилиши, юзнинг қолган қисмини эса шаклддек қабул қилиши билан боғланган бўлиши мумкин. Компания бу ниқобни яратиш жараёнининг батафсил баёнини кейинроқ эълон қилишга ваъда берган.

Face ID функцияси янги iPhone X’ларда экранни блокдан чиқариш, тўловларни амалга ошириш ва турли, мисол учун, банк ва пароллар сақланадиган дастурларга кириш учун қўлланади. Сентябрда iPhone X тақдимотида Apple вице-президенти Фил Шиллер компания Face ID технологиясини ҳақиқий юзни ниқобдан фарқлашга ўргатиш учун ниқоб ишлаб чиқарувчи компаниялар ва голливудлик визажистлар билан ҳамкорлик қилгани ҳақида гапириб ўтганди.

Бундан аввал ҳам Face ID билан боғлиқ камчиликлар аниқланганди. 

Фото: tjournal.ru

Қуйида Face ID’ни шундай алдаш усулларидан ҳимоялашда қўлланган ниқоблар нусхалари келтирилган.