Қорақалпоғистонлик ўқитувчи жонига қасд қилиб, уй томидан ўзини ташлади. Ундан олдин намойишкорона тарзда устига бензин сепади. Ушбу тасвир акс этган лавҳа таҳририятга келиб тушгач, Kun.uz мухбири вазиятни ўрганиш учун Қорақалпоғистонга йўл олди.

Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг қарорига кўра, Батирбай Ниязимбетов Тўрткўл тумани «Уллубоғ» аҳоли яшаш пунктида жойлашган 135-ер участкасини эгаллаб олгани ва ўзбошимчалик билан бино қургани туфайли, суд томонидан уй-жойни мажбурий тартибда бузиб ташлашга мажбур, деб топилган. 

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни туман Мажбурий ижро бюро ходимлари, ҳокимлик ва тегишли идора мутасаддилари билан биргаликда Батирбай Ниязимбетовнинг «ўзбошимча қурилишини» бузиш учун манзилга етиб келади. Суд қароридан норози бўлган Батирбай Ниязимбетовнинг ўғли Ахмад эса ўз жонига қасд қилишга уринди. 

Фото: Kun.uz

Ахмаднинг айтишича, суд қарорида зикр этилган уй-жой аслида унга тегишли бўлиб, паспортида муҳрланган прописка, уй кадастрига оид ҳужжатларни тақдим этди.

«Биз қариндошимиз Ибрагимов Хамиднинг маслаҳати билан «Уллубоғ» аҳоли яшаш пунктидан ер олишни ўйлаб қолдик. Аслида, бизнинг ҳам шу ердан кимошди савдосида сотиб олган 112-сонли ер-участкамиз бўлган. Унинг ён тарафидаги ер-участкаси эгасиз, яъни ҳеч кимга хатланмаган эди. Хамид ана шу жойни менинг номимга расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига тўрт миллион сўради», дейди ва ана шу суҳбат ёзиб олинган аудиони тақдим қилди.

Унинг айтишича, бу воқеа 2016 йил августда бошланди. «Хамиднинг ваъдаси кетидан, ҳужжатларни расмийлаштириш осон кечмаслиги, ҳокимиятда ўз танишлари орқали ҳал бўлиши, биз эса хотиржам уй қурилишини бошлайверишимиз мумкинлиги айтилганди. Биз унга ишондик, чунки Хамид «Уллубоғ»дан кимошди савдосида акасининг хотини, яъни, янгасининг номига 135-сонли ер-участкасини расмийлаштириб, сотиб олганди», дейди Ахмад.

Бу орада қариндошларнинг орасидаги муносабатлар қалин бўлиб, ишлар хамирдан қил суғургандай давом этиб турганди. Иморатни қуриш октябрга қадар якунланди. Ахмаднинг айтишича, 2017 йил январь ойида Хамид уларнинг хонадонига ташриф буюриб, ер-участка ҳужжатларини расмийлаштириш учун яна пул талаб қила бошлади. «Мендан қора бозорда валюта курси ошиб кетгани туфайли, қўшимча чиқимларни қоплашимни сўради. Ваҳоланки, мен барча пулни келишув пайтидаёқ қўлига тутқазгандим», дейди у.

Ниязимбетовлар билан уй можароси жорий йилнинг 11 март куни, яъни Тўрткўл туман ҳокими ўринбосари У.Матназаровнинг огоҳлантириш хати билан бошланди. Унда айтилишича, Ниязимбетов Батирбай «Уллубоғ» аҳоли яшаш пункти ҳудудида жойлашган Ибрагимова Мамажанга (Хамиднинг янгаси) тегишли 135-сонли участкани ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани ҳамда иморатни бузиш шарти қўйилади. Кейинроқ, 19 май куни Тўрткўл туман ҳокими Хаджиев Ғофуржон даъво аризаси билан ФИБ Беруний туманлаларо судида мазкур ишни кўриб чиқиб, даъвони қаноатлантирган.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбирини ўйлантирган масала эса қандай қилиб эгасиз ер-участкаси, Хамиднинг келинойисига тегишли участкага айланиб қолди?

«Биз «Уллубоғ» пунктини ташкил этишда кўп қийинчиликларга дуч келдик, шулардан бири пункт ҳудудига туташ фермер хўжалиги билан юз берди. Фермернинг талаби билан ер-участкаларидан айримларини бошқа жойга кўчириб ўтказдик. Бу ҳақда ўша жойнинг ўзида далолатнома тузганмиз. Шунга кўра, 135-сонли ер-участкаси айнан 112-сонли ер олдига кўчирилган», дейди туман Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Қодир Дурдиев.

Фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкасини бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги 272-сон қарори асосида тасдиқланган «Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисида»ги низом асосида тартибга солинади. Ўрганишлар жараёнида 135-сонли ер участкасини бошқа жойга кўчириш Низом талабларига риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилгани аниқланди. Чунки Kun.uz мухбири билан бевосита суҳбат жараёнида ҳокимлик вакиллари ер участкалари кўчирилгани тўғрисида асослантирилган ҳужжат тақдим эта олишмади.

Фото: Kun.uz

Тўрткўл тумани ҳокими, Kun.uz мухбири ва бошқа мутасаддиларнинг юзма-юз учрашувда бу масала муҳокама этилди.

«Қодир, буйруқ қани? Нимага асосланиб кўчириб юбординг? У ҳолда даъво аризасини қайси ҳужжатга асосланиб киритдик?», дея саволлар билан мурожаат қилган ҳокимга тайинли жавоб берилмади.

Ниязимбетовнинг айтишича, бу Хамид билан бўлган келишмовчиликдан сўнг юз берган бўлиб, у ҳокимиятдаги ўз таниши билан тил бириктирган ҳамда орт сана билан тайёрланган далолатнома орқали ҳаммасини «текисламоқчи» бўлган. Ҳаттоки, уйни бузиш учун келган МИБ ходимлари ортида ҳам Хамид Ибрагимов машинадан тушмай кузатиб турарди.

Kun.uz мухбири cуҳбатлашган Хамид Ибрагимов ушбу «воқеани» тўлиқ инкор этиб, Ахмад 135-сон ер-участкаси Ибрагимова Мамажанга тегишли эканини била туриб, уй-жой қурганини иддао қилди. 

Хулоса ўрнида, айрим масалаларга тўхталиб ўтсак, туман ҳокимлиги томонидан асоссиз ҳаракатлар амалга оширилгани рост бўлиб турибди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳам мазкур ишни судлар томонидан кўриб чиқишда камчиликларга йўл қўйилгани эътироф этиб, протест киритган. Аммо, Қодир Дурдиев қай вазиятда уйни «кўчириб» қўйгани назардан четда қолмоқда. Қолаверса, Ниязимбетов Ахмадга тегишли уй, гарчи у ўз сўзлари билан Хамиднинг сўзларига алданиб қолганини таъкидласа ҳам, ўзбошимча қурилиш ҳисобланади.