Жанубий Корея суди мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Ким Кван Чжинни жамоат фикрини ўзгартиришга қаратилган “яширин кибертаҳдидларга” алоқадорлик айблови билан ҳибсга олди. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

“Сеул марказий округ суди 68 ёшли вазир қочиб кетиши мумкинлигидан хавотир қилиб, уни ҳибсга олишга ордер берди. Ким ҳарбий жиноят кодексига сиёсий аралашувда ва мавқеини суистеъмол қилишда айбланмоқда”, деб айтилган хабарда.

Суд версиясига кўра, вазир “киберфаоллик” орқали Жанубий Корея фуқароларига таъсир қилиб, уларни аввалги консерватив ҳукуматни қўллаб-қувватлашга ундашга уринган. Жумладан, мудофаа вазирлиги зобитларга интернетда Жанубий Кореяни 2008 йилдан 2013 йилгача бошқарган собиқ президент Ли Мен Бакни қўллаб-қувватловчи изоҳлар қолдириш топшириғини юклаган. 

Суд, шунингдек, Кимнинг собиқ ўринбосари Лим Кван-бинни коррупция ва Кимга қўйилаётган айбловлар бўйича ҳибсга олган. У “кибержиноятларга алоқадор бўлган амалдорлардан биридан “откат” олганликда гумон қилинмоқда.