Нью-Йорк университети профессори, иқтисодчи Нуриэль Рубини 2008 йилги бутунжаҳон молиявий инқирозини олдиндан башорат қилган ва тилларга тушган эди. Шу кунларда Варшавада бўлиб турган Рубини Business Insider нашрига интервью бериб, биткоинни тартибга солиш бошланиши билан у ва бошқа криптовалюталарни ҳам номаълум келажак кутиб турганини сўзлаб берди.

Профессор мисол тариқасида Хитойни келтирган. Унинг сўзларига кўра, Хитойда аллақачон айрибошловчиларнинг фаолияти тақиқ остига олинган, йўл-йўлакай криптовалюталарни муомалага киритиш ва харид қилиш бўйича янги қонун ва қоидалар ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда бошқа бир қатор мамлакатларда ҳам бундай қонун лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Рубинининг ишонишича, бу қонунлар қабул қилингач, криптовлюталарнинг куни битади.

Бундан ташқари, унинг фикрича криптовалютани тўлақонли ва жиддий тўлов воситаси сифатида қабул қилиш қийин, чунки унинг қийматига жуда кўплаб омиллар таъсир кўрсатади. Таҳлилчининг қайд этишича, айни пайтда биткоин улкан чайқов кўпиги исканжасига тушиб қолган ва ўзини ўзи еб битиряпти. У бу соҳага инвестиция киритишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Бу Рубинининг криптовалюталар «томорқасига отаётган илк тоши» эмас. У шунга ўхшаш прогнозларни 2014 йилда ҳам қилган эди. Лекин 2008 йилги молиявий инқироздан фарқли ўлароқ, бу ҳолатда эксперт муайян муддатлар ҳақида гап очмаган.

Бу шубҳасиз нуфузли фикр фонида бошқа экспертларнинг ҳам мутлақо тескари фикрлари янграмоқда.