Хитойдаги энг йирик электрон савдо платформаси ҳисобланган Alibaba'нинг 11 ноябрь, Бўйдоқлар кунидаги сотувлар ҳажми 168,3 миллиард юань (25,4 миллиард доллар)га етди. Таъкидлаш жоизки, бу куни бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли чегирмали сотувлар амалга оширилади. "Синьхуа" шу ҳақидаги хабари билан бўлишди.

24 соат ичида тахминан 812 миллион буюртма қабул қилинди, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан 23 фоизга кўп дегани. Буюртмаларнинг 10 миллионга яқини илк тўрт соат ичида қайд қилинган. Alibaba орқали оммавий чегирмали сотувларда дунёнинг 206 мамлакатидан 140 минг хорижий бренд иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Alibaba 2009 йилдан бошлаб Хитойда Бўйдоқлар куни оммавий чегирмали сотувлар ғоясини илгари суриб келади. Ўшандан бери 11 ноябрь нафақат интернет-дўконларда, балки бутун мамлакатнинг савдо марказларида анъанавий чегирмалар кунига айланди. 

Шанхайда деярли барча йирик савдо нуқталари шопоголиклар учун ҳақиқий топилмага айланди, кўплаб дўконларда узундан узоқ навбатлар кузатилди, автомобиль йўллари ва автотураргоҳларда эса катта тирбандликлар юзага келди.