Европада куннинг яна бир учрашуви Базелда бўлиб ўтади. Швейцария Россия йўлланмасини расмийлаштириш (ёки 99.9 фоизлик имкониятни қўлдан чиқариб юбориш) йўлида Шимолий Ирландия терма жамоасига қарши майдонга тушади. 

Швейцария – Шимолий Ирландия
Бошланиш вақти: 12 ноябрь, 22:00
Стадион: «Сент-Якоб Парк» (Базель, Швейцария)
Бош ҳакам: Феликс Брих (Германия)

Плей-оффнинг биринчи учрашувида Шимолий Ирландия Швейцарияни ўз уйида қабул қилишига қарамасдан, мағлубиятга (0:1) учради. Қайсидир маънода бу натижа ҳам жавоб учрашувига бўлган қизиқишни камайтирган бўлиши мумкин. Кўпчиликнинг фикрига кўра бу учрашувда ҳам интригадан кўра расмиятчилик кўпроқ. Чунки Швейцария Россияга бориш учун жуда яқин турибди.

Биринчи учрашувда Швейцария терма жамоаси пенальтидан киритилган гол эвазига ғалаба қозонган бўлсада, умуман бу учрашувда ғалаба қозонишга муносиброқ эди. Жамоанинг ЖЧга чиқишни кўпроқ хоҳлаётгани ҳам кўриниб турганди. Шимолий Ирландия терма жамоаси эса ўз уйида ўйнашига қарамасдан, афсуски ЖЧга даъвогарлик қилаётган терма жамоа ўйинини кўрсата олмади. Айниқса жамоанинг ўйиндаги статистикаси жуда хунук кўриниш олди. Бу ҳақда қуйида берилган фактларда эслаб ўтилган.

Учрашув олди қизиқарли фактлар

Саралаш босқичининг гуруҳ баҳсларида Швейцария ўз уйида ўтказган барча бешта учрашувда ҳам ғалаба қозонган.

Икки жамоа ўртасидаги биринчи учрашувда Шимолий Ирландия терма жамоаси футболчилар гол уриш уёқда турсин, дарвоза томон бирорта аниқ зарба бера олмаган.

Швейцария терма жамоаси ўз уйида сўнгги марта расмий учрашувларда 2014 йилнинг сентябрида мағлубиятга учраган.

Шимолий Ирландия терма жамоаси саралаш босқичининг гуруҳ ўйинларида Сан-Марино ва Озарбойжон меҳмони бўлган ўйинлардагина рақиб дарвозасига гол ура олган, холос

Тахминий таркиблар:
Швейцария: Зоммер, Лихтштайнер, Шёр, Аканджи, Родригес, Чака, Закариё, Шақири, Цубер, Жемаили, Сеферович.  
Шимолий Ирландия: Макговерн, К.МакЛафлин, Макаули, Ж.Эванс, Брант, Норвуд, Дэвис, Сэвилл, Мадженнис, Уорд, Лафферти.

Нима кутиш мумкин?

Биринчи учрашувдаги ишончли ўйин, ўз уйидаги сўнги вақтларда кўрсатиб келинаётган чиройли футбол ва мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари остида Швейцария бу учрашувнинг яққол фаворит сифатида кўринмоқда. Ўз уйида бирор каромат кўрсата олмаган Шимолий Ирландия терма жамоасидан эса, шу кунгача кузатилмаган экстра ординар мўъжиза кутишимиз мумкин. Бунга эса ишониш жуда қийин.