Қирғизистон пойтахти Бишкекдан Туркманистон бош шаҳри Ашхободгача тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши мумкин. Бу ҳақда Туркманистон ТИВ ходими Kun.uz мухбирига маълум қилди.

«Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов жорий йилнинг 11 ноябрь куни Самарқандда ўтказилган халқаро конференция пайтида ушбу масалани ўзаро муҳокама этди», дейди Туркманистон ТИВ ходими.

Бишкек-Ашхобод ўртасидаги ҳаво йўлаги 1472 километрни ташкил этади. Айни пайтда икки пойтахт ўртасида тўғридан-тўғри ҳаволайнер қатнови мавжуд эмас.

Шунингдек, суҳбатда қирғиз-туркман муносабатларининг сув ва энергия ресурслари, савдо-иқтисодий ва маданият соҳаларига тўхталиб ўтилган. Икки давлат Ташқи ишлар вазирлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга қаратилган бир нечта келишувга эришган.