Яқинда эълон қилинган бир неча мақолалар мазмунига кўра, биткоин — совун кўпиги эканлиги ва унинг ёрилиши муқаррар эканлиги таъкидланди, бир вақтнинг узида унинг қиймати оша бориши ҳам башорат қилинди. VC.RU блогери Фахриддин Мирзоев ҳар икки томонни яхшилаб ўрганиб чиқиб, савол-жавоб форматида мантиқий хулосага келишга уриниб кўрган.

Фото: vc.ru

Биткоин — бу кўпикми?

Келинг, аввало «кўпик» сўзининг мазмунини аниқлаштириб олайлик: одатда бозор нархи ҳаддан зиёд ошириб юборилган активлар шундай аталади — бунга сабаб эса чайқов талабининг ҳаддан зиёд бўлишидир. Биткоин ҳам шунақа хилиданми? Шубҳасиз шундай, чунки унинг қийматининг улкан қисми фақатгина чайқов талабига кўра шаклланган. Яъни инсонлар валютани арзонроқ сотиб олиб, бошқа мақсадларсиз фақат қимматроққа пуллашни ўйлашади.

 

Нега унда бу классик кўпик эмас?

Талабнинг бошқачароқ қисми ҳам бор-да. Бу талабни биткоиндан тўлов воситаси сифатидан фойдаланётганларгина келтириб чиқаришмоқда. Улар улкан миқдордаги лойиҳалар ва хусусий шахслар бўлиб, уларнинг сони тобора ошиб бормоқда.

 

Нега биткоин ўсишда давом этмоқда?

Талабнинг тушунарли тузилмаси бор: чайқов ва утилитар (яъни, ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун). Тушунарли таклиф ҳам бор: чекланган эмиссия. Талаб оша боради, таклиф эса йўқ. Қиймат ошаётганига бош сабаб шу.

 

Талаб ниманинг ҳисобига ошади?

Чайқов томонлама — инвестицион тарафдан жозибали бўлгани учун.

Утилитар томонлама — ҳисоб-китобларнинг оддийлиги туфайли. Айтайлик, энг яқин банк муқобили — Swift’дан кўра хорижга биткоин воситасида пул ўтказиш каррасига осонроқ.

Фото: biz.a42.ru

Унда таклиф нега ошмаяпти?

Чунки биткоинларни ишлаб чиқариш турли шартлар билан чеклаб қўйилган. Жами бўлиб тангалар сони 21 миллиондан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

 

Қандай шароитларда кўпик ёрилади ва бу қандай кўринишга эга бўлади?

Барча чайқовчилар бирданига чиқиб келган шароитда.

Бу ҳолатда унинг курси кескин пасаяди, лекин нолга тенг бўлмайди. Қиймат мувозанатлашади, курс тебранишлари пасаяди. Мувозанатлашгандан сўнг курс яна ўса бошлайди, лекин анча секин суръатда.

 

Қачон барча чайқовчилар бирданига чиқиши мумкин?

Айтайлик, бикоин қонундан ташқарида деб эълон қилинса ва уни ишлатиш ва сотиш учун жиддий жазолар жорий этилса.

Бу вақтга келиб унинг қиймати энг баланд бўлиб турган бўлади.

 

Қандай шароитларда биткоин таназзулга учрамайди ёки пасайсаям сезилмайдиган даражада пасаяди?

У тўлақонли тўлов воситасига айланса ёки, айтайлик, утилитар талаб чайқов талабидан юқори бўлса.

 

Нега тўлақонли давлатлар биткоинни тўлалигича қонунийлаштира олмайди?

Бунга сабаб учта:

- миллий валютанинг қадрсизланиши;

- депозитлар;

- тартибга солиш борасидаги муаммолар.

Қадрсизланадиган пул кимга ҳам керак? Ҳисоб-китоблар қиймати оша борадиган суррогатларга секин-аста ўта бошлайди. Эҳтимол, биткоин офшорлардан бирида тўлиқ қонунийлаштирилар.

Фото: hi-news.ru

Биткоин қандай қийматга эга?

Олтин зангламас металл эканлигидан ташқари яна қандай қийматга эга? Ҳеч қандай. Бозор иштирокчилар уни айирбошлаш бирлиги сифатида тан олишган, холос. Бу ерда ҳам шундай.

 

Қандай шароитларда биткоин-кўпик ёрилмаслиги мумкин?

Биткоин ҳаққоний тўлов воситасига айлантирилса, қоғоз пулларнинг қиймати туша бошлайди, чунки биткоиннинг қоғоз пуллардан фарқли ўлароқ, чекланган эмиссия туфайли қиймати орта бошлайди. Бу ҳолатда биткоин эгаларининг ўзини очиқлашдан нима наф бор?

 

«Қора крипто-пайшанба»ни қачон кутиш керак?

Криптовалюта талвасаси ҳали ўзининг авжига етиб келгани йўқ. Ёзда ҳали бунга камида уч йил вақт керак, деб ёзган эдим. Ушбу тахминимда собитман.

Фото: digital.m24.ru

Унинг қиймати ошишига доир прогнозлар қандай?

Ҳозир биткоин капитализацияси 120 млрд. АҚШ долларига тенг. 1971 йилда (АҚШ олтин стандартидан тўлиқ воз кечган йил) асос солинган NASDAQ капитализацияси айни пайтда 6,8 трлн. долларга тенг. Айни пайтда рухсат этилган 21 миллионтадан 16.673.475 та биткоин муомалада. Капитализация ойига тахминан 20 млрд.га ўсиб бормоқда. Менинг ўта субъектив баҳолашимга кўра, тахминан 20 млн.та танга муомалада бўла туриб, биткоин капитализацияси 200 млрд. долларлик чегарадан ўта олмаслигига сабаб кўрмаяпман. Яъни минимал прогнозимга кўра — биткоиннинг бир донаси 10 минг долларга тенг бўлади.

 

Хулоса ўрнида

Биткоин — бу кўпик, яъни унинг реал қиймати чайқов талаби орқали ошириб юборилган.

Бу кўпик турлича ёрилиши мумкин — қийматининг катта қисмини йўқотиши ёки камроқ қисмидан айрилиши, яъни реал ҳисоб-китоб талабларига жавоб берадиган курс даражасигача тушиши мумкин.

Маълум бир шароитларда ёрилмаслиги ҳам мумкин — лекин бундай ҳодисанинг юз бериш эҳтимоли жуда паст.

Сўнгги 40 йил ичида йирик пулларнинг аксарияти кўпиклар воситасида қилинмоқда, бунинг аллақачон уятли жойи қолмаган. Чоп этилувчи пуллар айнан шу сабабли олтинга боғланишдан халос этилган — активларнинг янги турлари пайдо бўлиши ва иқтисодий ўсиш рағбатлантирилиши учун. Қани бугунги кунда қиймати оширилмаган бирорта активни кўрсата оласизми? Бундай актив ўзи кимга ҳам керак?