Россиялик сайёҳлар сайёрамиздаги энг катта ғор – Сон Донгга экспедиция уюштиришди. Улар ўз саргузаштлари ҳақида қисқа метражли фильм суратга олиб, уни YouTube ва Vimeo видеосервисларида жойлаштиришди.

Фильм продюсери Сергей Валяевнинг айтишича, гуруҳ Сон Донгга ташриф буюрган биринчи рус экспедицияларидан бири бўлган. 

Сон Донг дунёдаги энг йирик ғор ҳисобланади: унинг узунлиги 5 км ни, баландлиги эса 200 метрдан кўпроқни ташкил қилади. Ғор ичида ёруғлик тушиб турувчи дарчалар бор ва шу сабабли унинг ичида кичик ўрмон барқ уради.

Фото: tjournal

Ғор 3 млн йил аввал дарё сувлари ёрдамида ҳосил бўлганига қарамасдан, 1991 йилдагина топилган, унда биринчи тадқиқот 2009 йилда амалга оширилган.

Фото: tjournal

Валяевнинг таъкидлашича, ғор яхши қўриқланади, шу сабабли унга ҳамма ҳам кира олмайди: у топилгандан бери унда бор-йўғи 2 мингга яқин киши бўла олган. 

Фото: tjournal

Валяевнинг айтишича, экспедиция киши бошига 12-17 минг доллар туради. 6 кишидан иборат гуруҳнинг умумий харажатлари 100 минг долларгача етиши мумкин. Бу қийматга чипталар, меҳмонхонада яшаш, махсус кийим-бош ва анжомлар, ғор жойлашган миллий боғга кириш учун тўлов ва экспедициянинг ўзига кетадиган харажатлар киради.

Фото: tjournal

Россиялик сайёҳларга 25 кишидан иборат гуруҳ ҳамроҳлик қилган. Улар орасида анжомларни кўтариб юрувчилар, ошпазлар, қўриқчилар, гидлар бўлган. 

Фото: tjournal

Ғорга саёҳатни бу бозордаги монопол компания Oxalis ташкиллаштиради. Вьетнамда жойлашган бу ғор ҳукумат томондан қўриқланади, ғорга эса ЮНЕСКОнинг рухсатини олгачгина бориш мумкин. Валяевнинг айтишича, бу рухсат олиш учун бир йил кетган.

Фото: tjournal

Бундай экспедицияга жисмонан тайёр одамлар бора олишлари мумкин. Ғор ичкарисига кириб бориш 5 кунни олади. Бу вақт ичида сайёҳлар 30 км йўл босиб ўтишларига тўғри келади.

Фото: tjournal

Валяевнинг айтишича, фильмни суратга олиш электр йўқлиги сабаб осон бўлмаган. Унинг айтишича, генераторлар олиб юришнинг техник имкони бўлмаган, қуёш батареялари эса ғордаги ёруғлик тарқалиб кетиши сабабли бефойдадир. Шу сабабли гуруҳ ўзи билан бирга камералар, дронлар ва ёруғлик асбоблари учун аккумуляторлар олиб юришларига тўғри келган.

Фильм режиссёри Георгий Тарасовнинг айтишича, у Сон Донгга келиб, у ерда дрон ишлатиб, уни синдирмаган дунёдаги биринчи одам бўлди. Валяевнинг айтишича, ғор ичидаги об-ҳаво шароити туфайли дрон датчиклари носоз ишлаган, тошли гумбазлар эса сунъий йўлдош ишлашига халақит қилган, шу сабабли дронни бошқариш қийин кечган.

“Тайликлар ҳаттоки Жорани фахрий деворга суратини осиб қўйиш учун тасвирга ҳам олишди”, деб айтган Валяев.

Сон Донг ғори Вьетнам марказидаги Фонгня-Кебанг миллий боғи ҳудудида жойлашган. У Ханойдан 500 км узоқликда жойлашган.